Министерство Культуры Республики Узбекистан
Бухарский Государственный музей-заповедник
+998 65 224-13-49

Атласу адрасга бурканди шариф Бухоро

Атласу адрасга бурканди шариф Бухоро

XVI – “Ипак ва зираворлар” халқаро туристик фестивали

АТЛАСУ АДРАСГА БУРКАНДИ ШАРИФ БУХОРО

Жорий йил 16-маротаба ўтказилган “Ипак ва зираворлар” халқаро туристик фестивали ҳар йилгидан ўзгача руҳда ташкил этилди. Фестивалга мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан, хориждан Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларидан келган ҳунармандлар, сайёҳлик ташкилотлари мутахассислари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ташриф буюришди.

Фестивалнинг биринчи куни анъанага мувофиқ иштирокчиларнинг тантанали юриши билан бошланди. От ва туяларни минган сарбонлар, шоҳ ва маликалар, эртак ва афсоналар қаҳрамонлари, Шарқ ва ғарб элчилари қиёфасидаги театр актёрлари, этнографик-фольклор жамоалари, миллий маданий марказлар, миллий либослардаги юзлаб ўғил ва қизлар Арк қўрғонидан йўлга тушди. Эски шаҳарнинг Пойи Калон мажмуаси, Тоқи Заргарон, Абдуллахон тими, Тоқи Телпакфурушон, карвонсаройлар, Мағоки Аттори масжиди, Тоқи Саррофон йўналиши бўйлаб Лабиҳовузга томон юрган мўъжизалар карвони барчани Бухоронинг қадим ўтмишига сайр элтди. Айниқса, 60 дан ортиқ карнай-сурнайчилар, 50 нафарга яқин доирачиларнинг жўшқин садолари бутун Бухоро аҳлини фестивалга чорлади. Насриддин Афанди бошчилигидаги узун калонна Нодир девонбеги мадрасасига етиб келди. Бу ерда фестивалнинг очилиши бўлиб, рамзий дарвозанинг лентаси қирқилди. Маросимда Бухоро шаҳар ҳокими Ихтиёр Фармонов, Бухоро-Санта Фе биродарлашган шаҳарлар қўмитаси раиси Кэррол Лопес сўзга чиқиб, барчани дўстлик ва бирдамлик фестивали билан қутлади. Тадбирда Президант соврини учун ўтказилган “Ташаббус”-2017 кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби Аҳмад Арабовни юксак муваффақият ҳамда “Спарк” автомобилини қўлга киритгани билан муборакбод этишди.

Шундан сўнг Лабиҳовуздаги 150 дан зиёд савдо пештахталари, павильонлари чустлик пичоқчилар, риштонлик кулоллар, марғилонлик атлас ва адрас тўқувчилар, бухоролик зардўз ва кандакорлар, сурхондарёлик ва шофирконлик каштадўзлар, тожикистонлик ва қирғизистонлик дизайнер-чеварлар, хуллас, фестивалга келган барча ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан тўлди. Ургутлик, шаҳрисабзлик, қўқонлик тадбиркорлар табиат неъмати бўлган 20 дан зиёд антиқа зираворларни, 50 га яқин шифобахш ўтларни харидорларга намойиш этишди. «Тоқи Саррофон» савдо марказида бошқа вилоятлардан келганлар учун Абдулло Нарзуллаевнинг Ғиждувон кулолчилик мактабининг маҳорат сабоқлари ўтказилди. «Тоқи Телпакфурушон» савдо маркази, «Лабиҳовуз» мажмуасида рассомчилик ва миниатюра бўйича Давлат ва Даврон Тошов, Жасур Орзиевнинг, «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Тоқи Заргарон» савдо марказида кандакор усталар Тохир Қосимов, Дилмурод Файзуллаев, Шавкат Ғуломов, Рахматилло Фатуллаевнинг, «Кўкалдош» ва «Абдулазизхон» мадрасаларида каштачи усталар Эрмат Яхшиев, Ахмад Арабовнинг ҳунарлари кўрсатилган бўлса, Бухоро ипак гиламчилиги марказида гиламдўз уста Улуғбек Қосимовнинг, «Тоқи Саррафон», «Тоқи Телпакфурушон» ва «Тоқи Заргарон» савдо марказлари, «Тим Абдуллахон» савдо марказида темирчи усталар Шокир Камолов, Жўра Икромов, Сайфулло Икромов, Зохид Камоловнинг, «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Совға» зардўзлик марказида зардўз усталар Мунаввар Фармонова, Бахшилло Жумаевнинг, «Тим Абдуллахон» савдо марказида эса атлас тўқиш устаси Бахшанд Файзиеванинг маҳорат намойишлари ҳамда кўргазмалари ташкил этилди.

Фестивалнинг иккинчи куни миллий қадриятимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган палов сайли Гавкушон мажмуасида бўлиб ўтди. Республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган ошпазлар паловнинг турли пишириш услублари билан маҳорат синовидан ўтишди. 15 нафарга яқин ошпаз беллашган мазкур сайлда биринчи ўрин фарғоналик Муҳаммадали Ҳайитбоевга насиб этди. Иккинчи ўринни Бухоро шаҳридаги Лабиҳовуз ресторани ошпази Зариф Қурбонов ҳамда учинчи ўринни «Шоҳижаҳон» ресторани вакили Умид Зайниев қўлга киритди.

Миллий фестиваль дастуридан ўрин олган қизиқарли лойиҳалардан яна бири миллий филмлар намойишидир. Пойи Калон ансамблида намойиш этилган «Бухоро музейлари» ҳужжатли филми, миллий адабиётимиз гултожи Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи асосида тасвирга олинган филм, Имом ал-Бухорий ҳаёти ва фаолиятини ўзида акс эттирган ҳужжатли филм ҳамда ёзувчи Э. Аъзамов сценарийси асосида Жаҳонгир Қосимов томонидан тасвирга олинган «Сув ёқалаб» бадиий филми томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. – Икки кун давомида кечки пайт қўйилган ушбу филмлар Бухоро аҳлини, умуман маҳаллий ва хорижий сайёҳларни бефарқ қолдирмади. Чунки бу лавҳаларда тарихимиз, бой қадриятларимиз, ўзлигимиз намоён. Бу каби филмлар ҳар бир юртдошимизни, айниқса ёш авлодни тарихни севиш, ундан фахрланиш ва ғурурланиш, ўз навбатида унга муносиб бўлиш руҳида тарбиялаши шубҳасиз, — дейди Бухоро давлат университети Тарих факультети магистранти Ўткамали Равшанов.

Кечки пайт Лабиҳовуз бўйида «Мухтор Ашрафий» номидаги Бухоро саньат коллежи ҳамда вилоят мусиқали драма театри халқ чолғулари оркестри ижросидаги консерти ташкил этилди. Концертда Мустафо Бафоевнинг «Бухорои Шариф» телеоперасидан парча — «Бухорча» чорлов қўшиғи, Мутал Бурҳоновнинг Эркин Воҳидов шеьрига басталанган «Гул диёрим» романси моҳирона ижро этилди. Шунингдек, Манас Левиевнинг «Валс», «Маҳаллада дув-дув гап», Сулаймон Юдаковнинг «Фарғонача рақс», «Карнавал валси» ретро тароналари, «Сегоҳ», «Топмадим» ғазаллари, «Лайли ва Мажнун» мусиқали драмасидан ария, Бах, Жорж Бизе, А. Хачатурян, С.Егоренконинг куй ва наволари кечани сеҳрга чулғаб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Фестивалнинг аҳамиятли жиҳати шундаки ҳеч бир тарихий обида байрам дастурларидан четда қолмаган. Кўкалдош мадрасасида уюштирилган моделер ва дизайнерларнинг миллий либослари намойиши фикримиз исботидир. “Ўзбек ипаги — дунё нигоҳида” деб номланган шоу-дастурда 12 та дизайнер томонидан 200 дан ортиқ коллексия томошабинларга ҳавола этилди. Кўргазмада Бухоро Бриллиант Силк корхонаси маҳсулотлари, «Зебо» салони, Карим Бобомуродовнинг ишлари, яна Қозоғистоннинг Остона шағридан ташриф буюрган Айдар Хан, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистондан келган сара дизайнерлар ўз коллекцияларини намойиш этишди.

Ҳар галгидек Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасидаги анжмуанлар саройида «Бухоро туристик эркин иқтисодий ҳудудини яратиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда туризмнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Конференцияни вилоят ҳокими ўринбосари Зокир Ҳидоятов кириш сўзи билан очиб берди. Сўнгги беш йилда ҳудудда сайёҳлар оқими 15-20 фоизга ошди. Уларнинг аксариятини Испания, Япония, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия каби чет эл вакиллари ташкил этади. Вилоятимизга ташриф буюрган сайёҳларга етарли шарт-шароитларни яратиш учун туристик компаниялар сони 40 тага, меҳмонхоналар 114 тага етказилди. Айни вақтда ушбу меҳмонхоналарда бир кунда 4,5 минг нафардан ошиқ туристларни қабул қилиш имконияти мавжуд, деди вилоят ҳокими ўринбосари ўз сўзида. Шунингдек, келгуси йиларда эски шаҳар қисмида хорижий сайёҳларнинг бўш вақтларини туну кун мазмунли ташкил этиш учун 12 гектарлик «Қадимий Бухоро» туристик зонаси, унинг ҳудудида замонавий меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар марказлар, 500 ўринли амфитеатр барпо этилади. Шаҳарнинг тарихий қисмида ёпиқ бозор ва ҳунармандлар маҳалласи ташкил қилинади, «Бухоро Палас» ва «Зарафшон» меҳмонхоналари қайта қурилади ва 11 та тўрт юлдузли янги меҳмонхоналар, ресторанлар қурилади, туристларнинг кечки вақт дам олишлари учун театрлаштирилган концертлар ва мусиқали шоулар ташкил этилади.

“Бухоро мероси” илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Роберт Альмеев модераторлигида ўтган конференцияда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи У.Холбадалов, «Ҳунарманд» уюшмаси раиси ўринбосари Л.Мирзаева, Бухоро ва Санта Фе шаҳарлари биродарлик қўмитаси раиси К.Лопез, Лувр музейи тадқиқотчиси Рокко Рантье (Франция), Туркия халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сулейман Қизилтопрак, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижий эксперти Кванг Нам Ким, СМК (Литва) амалий фанлар университети «Туризм ва маркетинг» кафедраси мудири Юрате Серейкиене, Ўзбек-япон маркази директори Хирохико Таката, БухДУ профессори Ҳ.Тўраевлар сўзга чиқиб, анжуманнинг бош мақсади Бухорони дунё туризм марказига айлантириш, халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришни таькидлашди. Конференцияда давомида “Шариф шаҳар ёдгорликлари (Бухоро тарихий обидаларига саёҳат)” ҳамда “Бухоро амирлигининг элчихонаси қабуллари тарихи” номли янги китоблар тақдимоти ҳам ўказилди.

Уч кун давом этган фестивалнинг якуний қисми, яъни тантанали тақдирлаш ҳамда гала концерти Арк қўрғонининг Регистон майдонида 7 минг томошабинлар иштирокида ўтказилди. Тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аьзоси Ўктам Барноев кириш сўзи билан очди. Унда таъкидланганидек, фестивалда 40 нафардан ортиқ дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, 54 нафар ҳунарманд, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 720 нафарга яқин ҳунарманд ва зироатчилар қатнашишди. Фестиваль доирасидаги тадбирларни сайёҳ сифатида 5000 нафар хорижий меҳмонлар, 15 минг нафардан ортиқ юртимизнинг турли вилоятларидан келган ватандошларимиз бевосита кузатиб боришди. Бу йилги фестивалда жами 100 минг нафардан зиёд киши қамраб олинди. Беш йил муқаддам фестиваль доирасида 50 минг АҚШ доллари миқдорида хизматлар ва савдо айланмаси амалга оширилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 2 миллион АҚШ долларига этказилди.

Тантанали тадбирда Ахмад Арабов, Абдурахмон Ходжаев, Мавлудабону Рахимова, Феруза Кўчимова каби бир қатор таниқли ҳуранмандларларга ЮНЕСКОнинг халқаро сифат белгиси дипломи топширилди.

Шундан сўнг театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Республикамиз пойтахтидан ташриф буюрган Ўзбекистон халқ артисти Нормўмин Султонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Турдиева, Равшан Комилов, Лола Ахмедова, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Рухшона, Жасур Умиров, вилоятимизнинг эл ардоғидаги саньаткорларининг дилтортар наволари бурчани рақсга чорлади. Дастур Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи “Қайда бор” таронаси билан ниҳояланди.

Шу билан XVI – “Ипак ва зираворлар» фестивали ўз ниҳоясига этди. Уч кун мобайнида Бухоро сайёҳу зиёратчилар, меҳмону ҳунарманд, тадбиркору савдогарларга бағрини очиб, ҳикматлар бўстони билан ошуфта этди. Фестивалда қанашган ҳар бир иштирокчи кўҳна заминдан йиллар бўйи унутилмайдиган бой таассуротларни олиб кетди. Очиқ шаҳар келгуси фестивалларда ҳам яна дунё аҳлини чорлаб қолади.

0.0/5 оценка (0 голосов)

Оставить комментарий

Вы комментируете как Гость.

Бухарский Музей-Заповедник

Бухарский Музей-Заповедник

График работы
  • Часы - с 09.00 до 18.00
  • Сезонно - с 08.00 до 21.00
  • Вторник, среда, воскресенье - с 09.00 до 17.00
  • Выходной день - Без выходных
Мы в социальных сетях

(C) 2019 Бухарский Музей-Заповедник
Яндекс.Метрика

Используются Cookie

Этот сайт использует файлы-cookies, чтобы облегчить вам пользование нашим веб-сайтом. Продолжая, вы даете согласие на использование файлов cookies.

Согласен Подробнее